среда, 10 сентября 2014 г.

Субординация

Янги ишхонага келган Мамарайим, бутунлай янги муҳитга мослашиш учун, кўзга кўриниш учунми ишқилиб ишга қаттиқ киришиб кетди. Дастлабки кунлардаёқ компьютерига ёпишиб олиб фақат клавиатураларни тақиллатарди. Нима иш қилаётганинг кўринмаётган компьютер қаршисида клавиатурани тақиллатиб ўтириш зўр бериб ишлашдек туюларди унга.

Биринчи иш ҳафтасидан кейин бошқарма бошлиғи унга жиддийроқ топшириқларни ҳам берадиган бўлди. Мамарайим ишга анча мослашиб кетди. Киришимли экани қолган ҳамкасблар билан ҳам тез чиқишиб кетишига ёрдам берди. Бўлим иши бўйича унча-мунча тушунчагаям эга бўпқолди. Нима бўлдию ташкилот раҳбари ва бир гуруҳ ходимлар бир дастурхон атрофига йиғилишига тўғри келиб қолди.

- Йўғей, шеф билан бирга ўтириб бўладими? Темм более “ҳалигидан” отгинг кеп турган пайтда шефни олдида отибам бўлмайди. Субординация деган гап бор ахир...

Бўлим бошлиғи ўринбосари, ўзбекчада равон сўзлашадиган Викторнинг бу гапини Мамарайим тушунмади. Викторни анча кучли кадр деб мақташганди. Кўриниб турибди. Мен билмаган шунақа сўзларниям қўллаяпти. Ростанам яхши кадр экан деб ўйлаб қолди.


Нима бўлдию ўша кундан кейин Мамарайим ҳеч йўғи кунда бир марта субординация сўзига дуч келаверди. Қизиғи ҳар сафар бу гапни ўша “грамотний” таърифини олган Виктордан эшитарди. Мамарайим Викторнинг ўзбек тилида бунақа равон гаплашишигаку доим қойил қоларди. Субординацияга ўхшаш қанақадир илмий атамаларни қўллашига-ку доим ҳавас қилиб юрарди.

- Ўртоқ бошлиқ, бўлим бошлиғига гап бошлаб қолди Мамарайим. – Шу Виктор ака доим айтадиларку, субординация деб, ўша нима дегани?
Саволни беришга берган Мамарайим, бошлиқнинг ҳайрон туришидан, энди мени ҳеч нарсани билмайдига чиқарадими деб афсусланиб қолди.

- Субординацияни билмайсизми, Бешимов? Субординация масалан бошлиқ ва ходим ўртасидаги оралиқ масофа. Масофа сақлаш керак дейишадику. Ўшада.
- Ҳаааааа, бўлди тушундим.

Ўша куни Виктор нега бошлиқни олдида “ҳалигидан” субординация қилганини тушунгандай бўлди.

Оддий иш кунининг бирида тушлик вақти гап уй олиш ҳақида чиқиб кетди. Виктор маҳалласидаги яхши уй борлигини гапириб берарди. Мамарайим гапга аралашди:

- Сиз айтган нарх ҳам, шароитам зўракану фақат, Қибрай ишхонага узоқда. Ишхона билан субординацияси вашше катта экан.

Виктор тушунмаганидан ҳайрон бўлиб Мамарайимга қараб қолди. Ҳали овқатини ютиб улгурмаган бўлим бошлиғи пақиллаб кулиб юборди. Мамарайим эса Викторга “кўрдингми сен билган нарсаларни биз ҳам биламиз” дегандек гердайиб қараб турарди...

Комментариев нет:

Отправить комментарий