суббота, 1 марта 2014 г.

Яхшиям, «яхшиям»лар бор


Кузатаман. Одамлар. Яхшиям, одамлар бор. Яхшиям бормиз. Биз бўлмасак нима бўларди? Порани ким берарди, ким оларди? Ўғрилик, сотқинлик, пасткашлик, иғвогарликларни ким қиларди? Заминни зериктириб қўярдикку унда? Яхшиям бормиз-а?
Яхшиям...
Яхшиям, бозорларимиз бор. Етарли даражада. Мўл-кўлчилик. Борлигига шукр. Агар бозорлар бўлмаганда нима қилардик? Эҳтиёжларимизни қандай      йўл билан тўлдирардик? Қанчадан-қанча дипломли, олий маълумотлиларни қаерга жўнатардик? Яшасин бозорларимиз. Эҳтиёжимизни қондирсак, олий маълумоти билан қаёққа боради, деб бош қотирмасак. Зўр. “Форточка”.


Яхшиям, бўйинбоғ, кўйлак, кoстюм аталмиш кийимларимиз бор. Уларни ўзингизга ҳамроҳ қилсангиз битиришингиз лозим бўлган ишларни ярми битди, деб ҳисоблайверинг. Умрида кўрмаган одамларни сапчиб ўрнидан туриб сўрашишию, мулозаматларини кейин бир айтиб берарсиз. Вей, ўша кеча кўзингизни қисганингизда ғайриқараш қилган қизга энди шу кўринишда бир ишора бериб қўрингчи?..

Яхшиям, партияларимизнинг нашрлари бор. Оҳҳ, ҳар бир сонида бир партия нашри бошқа бир партия ғояларини, амалга ошираётган ишларини танқид қилиб чиқади. Мана рақобат! Шу партия нашрлари бўлмаганда буларни қаердан билардик? Зўр-а! “Маладес!” Партия дегани мана, ёзилаётганидек бўлиши керакда. Бир-бирини камчиликларини топи(б ёзи)ши шарт. Амалда қанақа экан, дейсизми? Мана ёзишяптику, кўрмаяпсизми?

Яхшиям, Бобур эсда қоларли бир кунда туғилган. Агар у шу кунда туғилмаганда оммавий маданиятнинг энг ёрқин унсурли кунига қарши қандай кyрашардик?.. Бобурни туққан онасига раҳмат. Балки, уни “метрикаси”ни ёзгангадир бу миннатдорчилигимиз.

Яхшиям, турист-меҳмонлар бор. “Зўракан, ҳаммаси даҳшат. Гап бўлиши мумкин эмас, сиз(лар)га”, деб туришади. Хурсанд бўламиз. Бизни ўзимиз билганимиздан минг баравар кам биладиганларни фикрини эшитиб “ана анави зўрсиз(лар) деди”, деб хурсанд бўламиз. Зўр-а? Ўзимизни биздан яхши биларкан-а?!

Яхшиям заминимизнинг улкан ҳудудли давлати бор. У шу қадар каттаки, чекланмаган миқдорда одамларни қабул қилиши мумкин. У ерга бораман десанг, четга кириш-чиқиш деган ҳужжатлаштириш ишлари биланам бошингни қотирмайсан. Яхшиям шунақа. Бу шароитлар туфайли мана ўн йилдирки, қишлоқдаги уйимизга қулф-калит осмаймиз. Ит ҳам боқишингиз шартмас. Бемалол ёлғиз ташлаб кетиш мумкин. Тинч, бехавотир. Тинчликка, бехавотирликка нима етсин? Мана бир неча йилдирки, учта ҳарфли, мен ҳалигача тўлиқ тушунмайдиган аббревиатураларимизнинг статистик рақамларини ижобий кўрсаткичлар бойитиб келяпмиз. Автосалон ишчилар қаҳва дамлаб мижозга қўшимча хизмат кўрсатиб вақтларини кетказишмаяпти. Қурилиш моллари ишлаб чиқарадиган корхоналаримизнинг ишлари беш. Ажойиб. Яхшиям шундай заминнинг катта қисмини ташкил этувчи ҳудуд... Имконсизликдан ўзи асрасин...

Яхшиям телевидениемиз бор. Доим аудиториясини (шаҳарда аудиторияси бормикан?) ўйлайди. Дунёмиз, ҳаётимиз ҳақида тайинли ҳеч қандай муждаларни етказмайди. Тўғрида, айтдимку аудиториясини ўйлайди, деб. Шуууунча даракларни берса-ю, уни кўриш учун электр аталмиш мўъжизавий манба бўлмаса, нима фойда? Дунёдан бехабар қолдирган бўладику? Яхшиси ўша мўъжизавий манба бир-бир ўзини эслатиб турганда бирорта йиғлатадиган сериални беришга улгуради. Во, зўр! Сериалга михланиб ўтирсангиз ҳам ортиқча ташвиш йўқ. “Раҳмат, Эсмеральда” деб оғилхонангиз, омборхонангиз эшигига ёзиб кетадиган даврлар ўтиб кетган. Айтдимку, энг катта ҳудудга эга давлатга борувчилар ҳақида. “Так что, ноу проблем!”

Яхшиям пилла бор. Тоза сифатли ипак қурти. Табиий тоза маҳсулот. Қанчадан-қанча эҳтиёжларни қондириб келяпти. Қишлоқдагиларнику айтмаса ҳам бўлади. Ипак қурти боракан, майдонларимизни чиройли қилиб ўраб турган тут дарахти боракан, нима ғам? Қишни кунида газ ҳақида ўйлаб ўтирадими? Нима кўп, тут кўп, ахир...

Ҳа, дарвоқе, изғиринли кунлардан эсон-омон ўтиб олганингиз билан! Ассалом, баҳор!

1 комментарий: