Қайсидир давлат ишлаган реклама ролигини кўргандим. Ўғри тирикчилик учун
кимсасиз йўллардан бирида, қимматбаҳо машинасида йўловчиларни тунаш учун қиз
бола (ҳар қандай эркакни иштаҳасини қўзғайдиган кўринишда) ниқобига кириб олиб
машиналарни ёрдам сўраган кишидек тўхтатишга ҳаракат қилади. Битта машина бироз
узоқлашиб, кейин тўхтайди. Ҳайдовчи ёнидаги шериги: - Жиннимисан, ҳеч замонда
(қайсидир машина номини айтади, эслолмадим) бузилиб қоладими? Жўнаб кетишади.
Зўр реклама. Машинани чиройли тарғиб қилишган. Ҳар сафар кўрганимда ёқади.
Бугун ёзмоқчи бўлганим бу мавзуга алоқаси йўқ. Бугун кемирувчилар ва
уларнинг ўлжалари ҳақида гаплашамиз. Балки алоқаси бордир. Кемирувчилар ҳам бир
ўғрининг турида. Ўғри бўлгандаям катта ўғри.
Кемирувчилар, кемирувчилар оиласига мансуб бўлиб, кемиради, кемиради,
кемиради. Йўқ, асосий вазифаси одатда бошқа бўлсада, кемиришни яхши кўради.
Кемирувчиларнинг турлари кўп, жуда кўп. Катта, семиз, тишлари ўткир
кемирувчиларни санашга ҳаракат қиламан.
Шеф-кемирувчилар. Бу тур кемирувчилари аслида умуман кемирмаслиги лозим
бўлган кемирувчилардир. Улар бутун бошли ҳудудники бўлган ўлжаларнинг маълум
қисмига қараб туриш, уни кўпайтириш учун масъул қилиб тайинланган бўладилар. Лекин
ўлжани кўрганларида иштаҳалари очилиб фақат кемиришни истаб қоладилар.
Кемирадилар, кемирадилар... Ўзи учун ажратилган ўлжаси билан қаноатланса қандай
кўринишда бўлишини ҳисоблаб кўрсангиз-у, инидан чиққанидан кейин кўриб
солиштирсангиз, бу даражада хўппа семиз кемирувчи бўлиш мумкинлигига шубҳаланиб
қоласиз. Ортиқча ўлжа еётганини сизга кўрсатмайдида, олғир кемирувчилар.
Юқоридаги кемирувчиларнинг бу билан қоринлари тўйиб қолмайди, улар
бошқа майда кемирувчиларнинг ҳаракатини сезиб қолишса, уларни чақиртириб
қўрқитишга ўтадилар ва асосий мақсадлари, умуман кўринмай турган бошқа
ўлжаларни тортиб олишга мажбур қиладилар. Бу билан майда кемирувчиларнинг майда
ўлжаларни кемиришига шароит яратиб берадилар.
Кемирувчиликнинг энг кўп тарқалган, кемирувчилар учун жуда қулай бўлгани
айнан мана шу усул ҳисобланади. Турли кемирувчилар турли йўллар билан
кемиришади. Масалан бир тур кемирувчилари йўлга хас-чўпни шерик қилиб чиқиб,
тўғри юрмаган ўлжаларни, умумий ўлжага улуш қўшасан деб қўрқитадилар ва бундан
қочиш йўли сифатида ўзларига ўлжа талаб қиладилар. Оладилар, кемирадилар.
Баъзан бу тур кемирувчиларига бошқа тур кемирувчилари учраб қолади. “Кемирувчи,
кемирувчини тишини кемирмайди”, мақолига амал қилган ҳолатда келишувга
эришадилар...
Кемирувчилар шу қадар тез кўпайишганки, уларни санаб улгурмай қолишимиз
тайин, ўлжаси кўплардан бошқа айб топиб кемирадиганлар, кемирувчи бўлиш
ниятидагилардан (кемирувчи бўлиш ҳам осонмас, олдин роса эски кемирувчиларни
таъминлаб туриши керак) олиб кемирадиганлар, ўлжа илинжида навбатга
турганларга, навбатини тезлаштириб бериш учун кемирадиганлар, Бошқа ҳудуд
ўлжаларини яширинча олиб кирилишига жавобгар кемирувчилар... Хуллас, жуда ва
жуда кўп.
Энди ўлжалар ҳақида. Юқорида кемирувчиларга емиш бўлган бир қатор
ўлжалар ҳақида тўхталиб ўтдим. Йўлда нотўғри юрган, ўлжаси кўплигидан инидан
ташқарига чиқарган, кемирувчиликка қизиққан... Шундай ҳолатлар борки, бунда
кўзга кўринмай турганлар ҳам ўлжа бўлиб қолиши мумкин. Масалан жарчи-ўлжалар.
Улар кўп ва кераксиз жар солиб юборишса ҳам бу кемирувчиларга ёқмай қолиши ва
улар емиш вазифасини ўтаб қолиши мумкин. Айниқса жарчилар кемирувчиларни
ортиқча эслашса емакка айланиш эҳтимоли ошади. Ҳа кейин, бошни кўп эгавериш ҳам
ярамай қолган. Инидан чиқмай бу машқни бажарадиганлари тўғри қилишади... Майда,
майда ўлжалар эса ҳар доим бўлган. Уларга битгани шу. Ҳаракат қилади, уринади,
барибир ўлжа бўлиб қолаверади.
Жуда хавфли жонзот кўриниб кетди-а бу кемирувчилар?! Ҳай, уларам бир
жонзот, вақтида хом чайнайди, ортиқча луқмани нотўғри кемиради, ичини бузади...
Натижада, натижада ўша кемирувчиларнинг ўзи, каттами-кичикми вақти келиб емиш бўлиш учун семирганини билиб қолади. Ахир табиат қонунига кўра, кемирувчилар билан
озиқланадиган жонзотлар ҳам бор... Яхшиям бор... Ҳа, шунақа кемирувчихўрлар
керак, семиз, ортиқча кемирган, тишлари ўткир, умумий ўлжани талон-тарож
қилаётган кемирувчиларни еб битирадиган кемирувчихўрлар керак. Фақат ўлжа ва
кемирувчини аниқ ажрата оладиган кемирувчихўрлар бўлса нур устига аъло нур.
Кемирувчилардан эҳтиёт бўлинг. Кемирувчилардан сақланинг. Ўзи сақласин.
Комментариев нет:
Отправить комментарий